«UZ» домени маъмурияти

Одатий саволлар

Домен номи нима?

Домен номи Интернет тармоғидаги веб-сайт ёки электрон почта манзилини аниқлашга ёрдам беради (мисол учун www.uzinfocom.uz, ёки www.cctld.uz) ва электрон почта манзили ёки сайт номининг асосини ташкил этади. Домен номи лотин алифбоси ҳарфларидан, сонлардан ва оралиқ белгиси-дефисдан иборат бўлиши мумкин.

Домен номини қандай қилиб рўйхатдан ўтказиш мумкин?

Домен номини рўйхатдан ўтказиш учун расмий рўйхатдан ўтказувчи томонидан (рўйхатдан ўтказувчининг офисида, расмий веб-сайтида ёки e-mail бўйича) берилган рўйхатдан ўтказиш формасини тўлдириш, сўнгра тегишли шартномани тузиш лозим.

Ким домен номини рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқига эга?

Ҳар қандай жисмоний ва юридик шахс миллати ва яшаш жойидан қатъи назар, «UZ» доменидаги домен номини рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқига эга. Домен номларини рўйхатдан ўтказиш рўйхатдан ўтказувчи билан ариза берувчи ўртасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.

Домен номини аноним тарзда рўйхатдан ўтказиш мумкинми?

Йўқ. «UZ доменидаги домен номларини рўйхатдан ўтказиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан Ариза берувчи ўз аризасида ўзи ҳақида тўлиқ ва ишончли ахборот беришга мажбурдир. Аризада келтирилган нотўғри маълумотлар рўйхатдан ўтказишда рад жавобини бериш учун асос бўла олади. Рўйхатдан ўтказувчи аризани текширишда ариза берувчидан тақдим этилган маълумотлар ҳаққонийлигини тасдиқловчи ҳужжатларни сўрашга ҳақлидир».

UZINFOCOM Марказида домен номини рўйхатдан ўтказиш мумкинми?

Йўқ. “UZINFOCOM Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб қувватлаш бўйича ягона интегратор” Масъулияти чекланган жамияти UZ доменидаги домен номларини рўйҳатдан ўтказмайди.

«UZ» домени ҳудудида домен номини рўйхатдан ўтказиш нархи қанча?

Домен номларини рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш нархлари расмий рўйхатдан ўтказувчилар томонидан мустақил равишда белгиланади.

Рўйхатдан ўтказилган домен номининг амал қилиш муддати қанча?

Домен номини рўйхатга олиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш муддати бир йилдан ўн йилгача.

Домен регистрацияси тугагандан сўнг, кўшимча период иш даври қандай?

Регистрация тугаши пайтидан бошлаб, домен номи учун кўшимча период иш даври 7 иш кун.

Рўйхатдан ўтказиш жараёни қанча вақт талаб этади?

Расмий рўйхатдан ўтказувчининг ҳисоб рақамига тўлов маблағлари келиб тушгандан сўнг икки кундан ортиқ бўлмаган муддатда домен номи рўйхатдан ўтказилиши лозим.

Мавжуд бўлмаган сайт учун домен номини рўйхатдан ўтказиш мумкинми?

Ҳа. Ҳозир домен номини рўйхатдан ўтказиб, кейинроқ сайтни ишга туширишингиз мумкин.